• 01 Ноябрь 2016 17:23

    Наманган кўчаларида япон реанимобиллари

    Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат даражасини янада кўтариш, тиббиёт муассасалари ва иншоотларини бугунги кун талаблари асосида қайта қуриш ва реконструкция қилиш билан бирга уларни энг замонавий тиббий анжомлар  ҳамда асбоб-ускуналар  билан таъминлаш масаласига Наманганда ҳам устувор аҳамият қаратилмоқда. Бу борада Жаҳон банкининг Халқ­аро тараққиёт уюшмаси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган "Саломатлик-3" лойиҳаси доирасидаги саъй-ҳаракатлар ижобий самаралар бераётир.

    Вилоятдаги 11 та туман тиббиёт бирлашмалари кўп тармоқли марказий поликлиникаларини жиҳозлаш ҳамда кадрларни қайта тайёрлаш учун 11 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ йўналтирилди.        

    Бугунга келиб вилоятдаги  барча туман  тиббиёт бирлашмалари замонавий УТТ, гастрофиброскоп, кардиомониторлар, зарарсизлантириш бўлимлари жиҳозлари, жарроҳлик ва умумий амалиёт жамланмалари, ЭКГ ва лаборатория жиҳозлари ҳамда бошқа воситалар билан таъминланди. Янгиқўрғон ва Мингбулоқ туманларида энг такомиллашган рақамли рентген аппаратлари ишга туширилди. Кўп тармоқли марказий поликлиникаларга эса 56 та замонавий стоматологик жиҳозлар келтирилди.

      Эндиликда Наманган кўчаларида Японияда ишлаб чиқарилган "NISSAN" русумли реанимобиллар пайдо бўлди. "Саломатлик-3" лойиҳасига мувофиқ олиб келинган,  ҳар бирининг қиймати 92 миллион сўм бўлган мазкур тиббий транспорт воситалари  Янгиқўрғон, Учқўрғон, Поп, Чуст, Косонсой, Норин, Чортоқ ва Тўрақўрғон туманлари тиббиёт бирлашмаларига тақсимланди.

    - Янги тиббиёт транспорт воситаларининг афзал жиҳатлари кўп. Унда оғир беморларни худди стационар шароитидагидек бош­қа шифохоналарга кўчириш учун ҳамма имкониятлар яратиб қўйилибди, - дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази кардиология бригадаси тез ёрдам шифокори Ғуломжон Матазимов.

       Энди оғир дардга чалинган беморларни олис туманлар шифохоналаридан вилоят марказидаги касалхоналарга олиб келиш чоғида ҳам малакали тиббий хизмат кўрсатиш имконияти яратилди.   "Саломатлик-3" лойиҳаси доирасида вилоятга етказиб берилган жиҳозлар, асбоб-ускуналар, аппаратура ва транспорт воситалари қиймати 10 миллиард сўмликдан ортди.

     

    манба: namnews.uz

Фойдали манбалар